Хусусий мактабларда хавфсизлик: инспекторлар лавозими таклиф қилинди
Хусусий мактаб ва университетларда ички ишлар инспекторлари фаолияти йўлга қўйилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қарор лойиҳаси ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва хавфсиз муҳитни таъминлашга қаратилган.
Ҳукумат қарори лойиҳасига кўра, хусусий олий таълим ташкилотларида профилактика катта инспектори ва хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори лавозимлари ташкил этилади. Хусусий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларида эса вояга етмаганлар масалалари бўйича (катта) инспектор-психолог лавозими жорий қилинади.
Инспекторлар қандай ишлайди?
Инспекторларни ажратиш ва тегишли штат бирликларини жорий этиш ҳудудий ички ишлар органлари билан ҳамкорликда, шартнома асосида қилиниши кўзда тутилган. Таълим ташкилоти тегишли лавозимни очиш ва ходим ажратиш учун ҳудудий ички ишлар органларига мурожаат қилади. Шундан сўнг томонлар ўртасида шартнома тузилади, янги штат бирликлари эса ички ишлар вазирининг буйруғи асосида бошланади.
Лойиҳада вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларнинг вазифаларига алоҳида эътибор қаратилган. Улар мактаб маъмурияти ва психологлари билан ҳамкорликда ўқувчилар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, муаммоли вазиятларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш билан шуғулланиши ёзилган.
Ўзбекистонда мактабларда инглиз тилида таълим режалаштирилмоқда саҳифасига ўтинг.