Ихтисослаштирилган мактабга қабул: 5-синф ва 7-синф, битта тест
Ихтисослаштирилган мактаб Президент мактабидан кейинги энг кўп сўраладиган қабул. 2026-йилда бу мактабларга 217 407 ариза тушди, Президент мактабларига эса 60 169. Фарқи катта: Президент мактаби фақат 5-синфга олади ва икки босқичли Cambridge тести билан, ихтисослаштирилган мактаб эса 5-синф ва 7-синфга, битта тест билан, 45 топшириқ. Бу йил 9 та янги ихтисослаштирилган ва 11 та муҳандислик мактаби очилди, 5 500 га яқин янги ўрин. Қабул тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 214-сон қарори билан тасдиқланган низомда, охирги таҳрири 2026-йил июл.
Қайси синфдан: аниқ фанлар 5-синф, табиий фанлар 7-синф
| Мактаб тури | Қайси синфга қабул | Йўналиш |
|---|---|---|
| Ҳудудий ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернат | 5-синф | аниқ фанлар |
| Ҳудудий ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернат | 7-синф | табиий фанлар |
| Янги очилган ихтисослаштирилган мактаб (биринчи йили) | 5–10-синф / 7–10-синф | аниқ / табиий фанлар |
| Муҳаммад ал-Хоразмий таянч мактаби ва филиаллари | 5-синф | ахборот технологиялари |
| Мирзо Улуғбек таянч мактаби ва муҳандислик мактаблари | 7-синф | физика ва астрономия |
| Абу Али ибн Сино таянч мактаби ва филиаллари | 7-синф | биология ва кимё |
| Ижод мактаблари | 7-синф | адабиёт, ижод |
| Ҳар қандай мактаб | бўш қолган ўринларга | тегишли синф |
Энг кўп адашадиган жой: табиий фанлар йўналиши 5-синфдан бошланмайди. Бола 4-синфни тугатиб биология ёки кимёга қизиқса, у аввал аниқ фанлар йўналишига киради ёки 6-синфни тугатиб 7-синфга табиий фанларга ариза беради. Янги очилган мактаб биринчи йили 5-синфдан 10-синфгача олади, чунки ҳамма синфни тўлдириши керак.
Ўқувчилар ўзлари ўқиган мактаби жойлашган ҳудуддаги Президент ёки ихтисослаштирилган мактабларга; Республиканинг исталган ҳудудидаги ижод мактабларига; Тошкент шаҳридаги спорт мактабларига ҳамда Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернатига; шунингдек, Тошкент шаҳридаги Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги таянч ихтисослаштирилган мактабларнинг бирига ёки ушбу мактабларнинг ҳудуддаги филиалига ҳужжат топширишлари мумкин.Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги, савол-жавоб, 13-май 2026
Яъни ҳудудий ихтисослаштирилган мактабга фақат ўз вилоятингизда ариза берасиз. Таянч мактаблар (ал-Хоразмий, Улуғбек, Ибн Сино) учун эса Тошкентдаги асосий мактаб ёки ҳудуддаги филиални танлайсиз. Ал-Хоразмий мактабининг филиал тармоғи алоҳида ҳукумат қарори билан кенгайтирилган: 13 та янги филиал очишга розилик берилган, Термиз шаҳар ихтисослаштирилган мактаби ва Гулистон шаҳар 2-сон мактаб-интернати эса филиалга айлантирилган. Филиалда битта синфда 24 тадан кўп бола ўқимайди, овқат бепул, математика, информатика ва робототехника қўшимча дастур билан ўтилади.

Битта бола олтита мактабга ариза бера олади
4-синф битирувчиси тўрт марта ариза юбориб олтита мактабга ҳужжат топшириши мумкин. Биринчи ариза: Президент мактаби, унга қўшимча ҳудуддаги битта ихтисослаштирилган мактаб. Иккинчиси: ал-Хоразмий мактаби ёки филиали. Учинчиси: ҳудуддаги битта ихтисослаштирилган мактаб, унга қўшимча яна биттаси. Тўртинчиси: Баҳодир Жалолов номидаги бокс мактаби. Ҳар ариза учун алоҳида кунда алоҳида имтиҳон, ҳаммасидан балл еца ҳаммасига кириш ҳуқуқи бўлади. Президент мактабига ариза берганда ихтисослаштирилган мактабни қўшимча танлаш фойдали: бали етмаса, ўша мактабга балл кетма-кетлиги бўйича алоҳида имтиҳонсиз ўтади. Президент мактаби қабули алоҳида мақолада.
Тест: битта босқич, 45 топшириқ
| Йўналиш ва синф | Фанлар | Топшириқ |
|---|---|---|
| Аниқ фанлар, 5–7-синф | математика 30 + инглиз тили 15 | 45 |
| Аниқ фанлар, 8–11-синф | алгебра 12 + геометрия 8 + физика 10 + инглиз тили 15 | 45 |
| Табиий фанлар, 7-синф | табиий фанлар (science) 30 + инглиз тили 15 | 45 |
| Табиий фанлар, 8–11-синф | биология 10 + кимё 20 + инглиз тили 15 | 45 |
| Ал-Хоразмий, 5-синф | математика 30 (10 таси мантиқ) + инглиз тили 15 | 45 |
| Мирзо Улуғбек, 7-синф | математика 30 (10 таси мантиқ) + инглиз тили 15 | 45 |
| Ибн Сино, 7-синф | табиий фанлар 30 + инглиз тили 15 | 45 |
Имтиҳон бир кунда, бир босқичда, тест шаклида ўтади. Материални Сингапурнинг Маршалл Савендиш ташкилоти билан ҳамкорликда Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази тайёрлайди. Республика бўйлаб бир вақтда бошланади ва тугайди, ҳар смена учун алоҳида вариант. 2026-йилда имтиҳонлар 94 та катта бинода, икки сменада ўтди.
Ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонлари, агентликнинг расмий канали (30-июн 2026).
Балл тенг бўлса ким ўтади
Қабул низоми бўйича квота ичида энг юқори балл тўплаганлар киради. Балл тенг бўлса, аввал асосий фан (математика, геометрия, физика ёки биология, кимё) бўйича юқори балл олган, кейин инглиз тилидан юқори балл олган устун келади. Бу ҳам тенг бўлса, ёши кичикроқ бола ўтади. Шундан кейин ҳам тенглик қолса, қабул комиссияси қўшимча топшириқ беради. Натижа имтиҳондан кейин 20 кун ичида эълон қилинади, 2026-йилда 25-июлда чиқди.
Олимпиада ғолиби имтиҳонсиз киради. Математика, информатика, физика, кимё ёки биология фан олимпиадасининг вилоят босқичида 1, 2 ёки 3-ўрин олган ўқувчи ўз ҳудудидаги ихтисослаштирилган мактабга квота ичида кириш имтиҳонисиз қабул қилинади. Олимпиадалар рўйхатини агентлик тасдиқлайди.
Вақт чизиғи: 2026-йил қандай ўтди
| 2026-йил | Нима бўлди |
|---|---|
| 1-май | 1206 салл-марказ ишга тушди |
| 15-май — 4-июн | ҳужжатлар қабули (айрим мактабларга 15-июнгача узайтирилди), фақат онлайн |
| имтиҳондан 3 кун олдин | рухсатнома шахсий кабинетга, SMS келади |
| 27–30-июн | ҳудудий ихтисослаштирилган мактаблар имтиҳонлари (7-синф, 9-синф, 6-синф, 10-синф, 5-синф кунлар бўйича) |
| 3-июл | ал-Хоразмий ва Ибн Сино таянч мактаблари ва филиаллари |
| 25-июл | ҳудудий мактаблар натижалари: my.gov.uz ва ariza.piima.uz |
| 27-июл | таянч ва муҳандислик мактаблари натижалари |
| натижадан 3 иш куни | апелляция аризаси, жавоб 10 кун ичида |
Нима хато кетади: бешта ҳолат
- Бошқа вилоят мактабига ариза. Ҳудудий ихтисослаштирилган мактабга фақат ўз ҳудудингиздан ариза берилади. Бошқа вилоят учун фақат таянч мактаб филиали ёки ижод мактаби очиқ.
- Табиий фанларга 5-синфдан ариза. Бундай йўналиш 5-синфда йўқ, ариза рад этилади.
- Рухсатномани кутмаслик. У имтиҳондан 3 кун олдин шахсий кабинетга тушади ва SMS келади. Телефон рақами нотўғри бўлса, кабинетни ўзингиз текширинг.
- Кечикиш. Имтиҳон ҳамма жойда бир вақтда бошланади, кечиккан ёки келмаган бола учун қўшимча танлов йўқ. 2026-йилда Қашқадарёда тест варағи ташқарига чиқарилгани учун иш ҳуқуқни муҳофаза органларига оширилди: тест материалини олиб чиқиш жавобгарликка олиб келади.
- Қабулдан кейин жим қолиш. Қабул қилинган бола ҳужжат асл нусхасини топширмаса ёки мактаб қўнғироғига жавоб бермаса, ўрин навбатдаги болага ўтади, бу далолатнома билан расмийлаштирилади.
Мисол: Намангандаги 6-синф ўқувчиси
Бола 2027-йил майда 6-синфни тугатади, кимёга қизиқади. Унинг учун икки йўл бор. Биринчиси ҳудуддаги ихтисослаштирилган мактабнинг 7-синф табиий фанлар йўналиши: табиий фанлар 30 + инглиз тили 15. Иккинчиси Тошкентдаги Абу Али ибн Сино таянч мактаби ёки унинг Наманган филиали, ўша 45 топшириқ. Иккита ариза, икки алоҳида имтиҳон. Агар у март ойида кимё олимпиадасининг вилоят босқичида 3-ўрин олса, ҳудудий мактабга умуман имтиҳонсиз киради. Мактабга киргач, 9-синф охирида якуний аттестация оддий мактабдагидек топширилади.
Узоқ мактабга кириб, кейин кўчириб беришни сўраш ишламайди. Агентлик 2026-йилда очиқ айтди: марказдаги мактабларда ўқув йили давомида бўш ўрин бўлмайди, кўчириш фақат бўш ўрин бўлса. Ариза беришда яшаш жойингизга энг яқин мактабни танланг.
Мактаб бўйича бошқа мақолалар: 9-синфдан кейин техникум ва янги баҳолаш тизими.
Манба: Вазирлар Маҳкамасининг 27.05.2023 даги 214-сон қарори, 2-илова (ихтисослаштирилган мактабларга қабул низоми, 03.07.2026 таҳрири) (lex.uz); Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигининг расмий канали: 13.05.2026 (синфлар), 13.05.2026 (ҳудуд), 19.05.2026 (6 мактаб), 26.06.2026 ва 04.06.2026 (тест тузилиши), 19.06.2026 (217 407 ариза), 25.07.2026 (натижалар). Филиаллар тармоғи — Вазирлар Маҳкамасининг 14.06.2025 даги 364-сон қарори (lex.uz). Текширилган сана: 7-сентабр 2026.