САТъдан 1200 ва ундан юқори балл: барча талабгорлар грантга кирадими?

24 Июн 2026 2 дақиқа ўқиш
САТъдан 1200 ва ундан юқори балл: барча талабгорлар грантга кирадими?

SAT сертификати билан қўшимча давлат грантига қабул қилиш шартлари белгиланди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

SAT сертификати учун қанча қўшимча грант ажратилади?

SAT сертификатига (1200 ва ундан юқори балл) эга абитуриентларни қўшимча давлат гранти асосида қабул қилиш кўрсаткичлари олий таълим ташкилотининг кундузги таълим шакли бўйича фанлар мажмуасида "математика" ва "чет тили" фанлари бўлган бакалавриат йўналишлари қабул параметрининг 50 фоизи миқдорида белгиланади.

Масалан, Журналистика университетининг маркетинг йўналиши учун жорий йилдаги квота 20 та бўлса, SAT сертификати бор абитуриентлар учун қўшимча 10 та давлат гранти ўрни ажратилади. Агар умумий квотанинг 50 фоизи бутун сон чиқмаса (масалан, 0,5 қолдиқ бўлса), бутун ўрин ажратилади: квота 23 та бўлса, 12 та қўшимча грант берилади.

SAT сертификати бор барча талабгорлар ўқишга кирадими?

Йўқ. Абитуриентларнинг SAT бали қўшимча давлат гранти учун асосий мезон ҳисобланади ва талабгорлар SAT баллари кетма-кетлигига қатъий риоя қилинган ҳолда ўқишга тавсия этилади.

Масалан, маркетинг йўналишига 10 та қўшимча грант ажратилган ва 20 нафар сертификатли абитуриент ҳужжат топширган бўлса, SAT натижаси энг юқори бўлган 10 нафари қабул қилинади.

Агар охирги ўрин учун рақобатлашаётган бир нечта абитуриентнинг SAT бали тенг бўлиб қолса, уларнинг барчаси — белгиланган квотадан ошган тақдирда ҳам — ўқишга тавсия этилади.

Грантга кира олмаганлар учун қандай имконият бор?

SAT сертификатига эга, лекин рўйхатдан ўтишда танлаган бештагача йўналишга тавсия этилмаган абитуриентларга бўш (вакант) қолган қўшимча грант ўринларига кириш имтиҳонлари натижалари эълон қилинган санадан бир ҳафта ўтиб, бир ҳафта муддат давомида қайта рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади.

Бундан ташқари, SAT сертификатли абитуриентлар ушбу имтиёздан фойдаланмасдан, оддий тартибда тест синовига кириб, натижасига кўра умумий квота доирасида ҳам танловда иштирок этишлари мумкин.

Муҳим эслатма

SAT сертификати 2026-йил 25-июн кунига қадар (шу куни ҳам) DI код орқали Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигига келиб тушган абитуриентларга ушбу имтиёз татбиқ этилади.

Манба: Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати.

#Янгилик