Ётоқхонага аризалар бошланди: 1-курс талабалари учун ҳам имконият (2026/2027)
2026/2027 ўқув йилида талабалар турар жойи (ётоқхона)га жойлашиш учун аризалар 1-августдан бошлаб қабул қилинмоқда. Бу йил жараёнда муҳим янгилик бор — ҳужжат йиғиш анча соддалашди. Қуйида тўлиқ тартиб ва ўзгаришлар билан танишинг.
Ариза қандай топширилади?
Ариза my.gov.uz портали орқали онлайн топширилади. Жараён Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган регламентга мувофиқ амалга оширилади.
Ким биринчи навбатда жойлаштирилади?
Аввало имтиёз ва устуворликка эга бўлган талабгорлар ётоқхонага қабул қилинади. Улардан сўнг ортиб қолган ўринлар умумий рўйхат бўйича, навбат асосида тақсимланади:
- 1-курс — 55–65%
- 2-курс — 15–20%
- 3-курс ва ундан юқори — 20–25% гача
Аризалар қабули 1-августдан бошланиб, ўқув йили якунига қадар давом этади.
Нима ўзгарди? Композит (бирлаштирилган) хизмат
Энг катта янгилик шу: энди ётоқхонага жойлашиш ва вақтинча рўйхатдан ўтиш композит (бирлаштирилган) хизмат орқали автоматик амалга оширилади. Илгари бу икки иш учун алоҳида ҳужжат йиғиб, турли идораларга мурожаат қилиш керак эди — энди улар битта жараёнга бирлаштирилди.
Жараён қандай кечади?
- Аризангиз кўриб чиқилади ва сизга электрон шартнома ҳамда йўлланма тақдим этилади.
- Шартномадаги тўловни амалга оширасиз — айнан шу пайт композит хизмат ишга тушади ва вақтинча рўйхатга олиш учун тўлов шаклланади.
- Рўйхатга олиш тўловини тўлагач, турган жойингиз бўйича қайд варағи берилади.
Муҳим эслатма
Вақтинча рўйхатга қўйиш муддати тўлов амалга оширилган кундан бошлаб, шартномада кўрсатилган муддатгача амал қилади.
2026/2027 ўқув йилида олий таълим муассасаси 1-босқичига тавсия этилган абитуриентлар якуний натижалар эълон қилингандан сўнг ариза топширишлари мумкин бўлади — улар учун ҳам ўринлар юқоридаги тартибда ажратилади.